Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Кейинги йилларда мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, хусусан, соҳада давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, бозор муносабатларини кенг жорий қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи, қайта ишловчи ва сотувчи субъектлар ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш, соҳага инвестицияларни жалб қилиш, ресурстежамкор технологияларни жорий этиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни замонавий техникалар билан таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича узоқ муддатга мўлжалланган стратегиянинг мавжуд эмаслиги ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишга, соҳага инвестицияларни кенг жалб этишга, ишлаб чиқарувчиларнинг юқори даромад олишига ва маҳсулотлар рақобатбардошлигини оширишга тўсқинлик қилмоқда.

Ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, ер ва сув муносабатларини такомиллаштириш, қулай агробизнес муҳитини ва юқори қўшилган қиймат занжирини яратиш, кооперация муносабатларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, соҳага бозор механизмларини, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, шунингдек, илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланиш ҳамда кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида:

  1. Қуйидагилар:

халқаро ташкилотлар ва экспертлар иштирокида ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси (кейинги ўринларда – Стратегия) 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича “Йўл харита”си (кейинги ўринларда – “Йўл харита”си) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

  1. Қуйидагилар Стратегияни амалга оширишнинг устувор йўналишлари этиб белгилансин:

озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш ва истеъмол рационини яхшилаш, талаб этиладиган миқдордаги озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни назарда тутувчи озиқ-овқат хавфсизлиги давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш ва сотишда бозор тамойилларини кенг жорий этиш, сифат назорати инфратузилмасини ривожлантириш, экспортни рағбатлантириш, мақсадли халқаро бозорларда рақобатбардош, юқори қўшилган қийматли қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқаришни назарда тутувчи қулай агробизнес муҳитини ва қўшилган қиймат занжирини яратиш;

қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тармоғини модернизациялаш, диверсификация қилиш ва барқарор ўсишини қўллаб-қувватлаш учун хусусий инвестиция капитали оқимини кўпайтиришни назарда тутувчи соҳада давлат иштирокини камайтириш ва инвестициявий жозибадорликни ошириш механизмларини жорий қилиш;

ер ва сув ресурслари, ўрмон фондидан оқилона фойдаланишни назарда тутувчи табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш;

қишлоқ хўжалигида давлат бошқаруви тузилмасини реструктуризация қилиш ва янада ривожлантиришни назарда тутувчи бошқарувнинг замонавий тизимларини ривожлантириш;

фермер хўжаликларида меҳнат унумдорлигини ошириш, маҳсулот сифатини яхшилаш, юқори қўшилган қиймат яратишга қаратилган тармоқ дастурларини ишлаб чиқиш орқали давлат харажатлари самарадорлигини ошириш ва босқичма-босқич қайта тақсимлаш;

қишлоқ хўжалигида илмий-тадқиқот, таълим ва маслаҳат хизматларининг ишлаб чиқариш билан интеграциялашган билим ва маълумотларни тарқатишнинг самарали шаклларини қўллашни назарда тутувчи илм-фан, таълим, ахборот ва маслаҳат хизматлари тизимини ривожлантириш;

қишлоқ жойларини мувозанатли ва барқарор тараққий эттиришга кўмаклашишни назарда тутувчи қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш дастурларини амалга ошириш;

замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш орқали статистик маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва тарқатишнинг ишончли услубларини жорий этишни назарда тутувчи тармоқ статистикасининг шаффоф тизимини яратиш.

  1. Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш (кейинги ўринларда – Мувофиқлаштирувчи кенгаш) 3-иловагамувофиқ таркибда тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг ишчи органи этиб белгилансин.

  1. Мувофиқлаштирувчи кенгаш(А.Н.Арипов):

Стратегиянинг тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этсин ҳамда белгиланган индикаторларга эришиш устидан доимий мониторинг олиб борсин;

бир ой муддатда Стратегиянинг ҳар бир асосий йўналиши бўйича малакали мутахассислардан, шу жумладан, хорижий экспертлардан иборат таркибда доимий ишловчи ишчи гуруҳларини, уларга халқаро молия ташкилотлари, хорижий давлатлар ва бошқа донорлар грантлари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан иш ҳақи ва бошқа тўловларни белгилаган ҳолда шакллантирсин;

Стратегия ва «Йўл харита»сини амалга оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари сифатли ва ўз муддатида ишлаб чиқилиши ҳамда белгиланган тартибда киритилишини таъминласин;

ҳар йили 1 декабрга қадар жорий йил учун белгиланган вазифаларнинг бажарилишини чуқур таҳлил этган ҳолда Стратегияни амалга ошириш юзасидан келгуси йилга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳаси сифатли ишлаб чиқилиши ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритилишини ташкил этсин;

ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига Стратегияни амалга ошириш бўйича бажарилган ишлар ҳақида ахборот тақдим этиб борсин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бир ой муддатдамазкур Фармонда назарда тутилган вазифаларнинг тўлиқ ва ўз муддатларида бажарилишини таъминлаш мақсадида вазирлик тузилмасида қўшимча 4 та штат бирлигидан иборат масъул бошқарма ташкил этсин ҳамда хорижий экспертлар жалб этилишини таъминласин.

Хорижий экспертларни жалб этиш вазирликнинг бюджетдан ташқари ҳамда халқаро молия институтларининг грант ва техник кўмак маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгилансин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 октябрдаги ПҚ-4486-сон “Сув ресурсларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузурида Сув хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги ташкил этилганлиги ҳамда унга сув хўжалиги соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юклатилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги мавжуд инвестиция лойиҳалари, лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари, шунингдек, ҳуқуқлар, мажбуриятлар ва шартномалар сақлаб қолинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги таркибига ўтказилсин.

  1. Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари ҳамда вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари бюджетлари параметрларида қишлоқ хўжалиги харажатлари таркибини диверсификация қилишнинг мақсадли йўналишлари 4-иловагамувофиқ белгилансин.
  2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига:

Стратегия ўз вақтида ва самарали ижро этилиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш;

амалга оширилган ишлар тўғрисида вазирлик ва идоралар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимларининг ахборотлари ҳар чоракда Сенат, Қонунчилик палатаси ва тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашларининг мажлисларида эшитиб борилишини таъминлаш тавсия этилсин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
  2. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ушбу Фармоннинг мазмун-моҳияти ҳамда мақсад ва вазифалари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.
  3. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси
Президенти                       Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2019 йил 23 октябрь.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

“Оқ олтин дон маҳсулотлари” АЖ Тегирмони модернизацияси тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 22 декабрдаги ПҚ-2692- сонли “Саноат тармоқлари корхоналарининг жисмоний ишдан чиққан ва маънавий эскирган машина-ускуналарини жадал янгилаш, шунингдек, ишлаб чиқариш харажатларини камайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ва “Ўздонмаҳсулот” АКнинг 2018 йил инвестиция ДАСТУРИ  асосида  “Оқ олтин дон маҳсулотлари” АЖ тегирмон цехини модернизация қилиш ва янги тегирмон жихозларини ўрнатиш юзасидан Туркия давлатининг “Imas Makina Sanayi A.S.” компанияси билан 2018 йил 26 ноябрда №011/2018 UZ шартнома имзоланди. Шартномага кўра суткасига 200 тонна ун ишлаб чиқариш бўйича 1 175 000 АҚШ долларига тегирмон жихозларини етказиб бериш келишилган.

Тегирмон бўйича Контрактда белгиланган  барча технологик ускуналар  2019 йил август ойига Туркиядан тўлиқ  келтирилди.

Тегирмон ускуналарини шеф-монтаж қилиш ишларини ташкиллаштириш юзасидан Туркиядан келган мутахассис бошчилигида ишлар бошланди.

Шарномага асосан тегирмон ускуналари келиб тушган кундан икки ой ичида монтаж ишлари амалга оширилади

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қ а р о р и

Республиканинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасидаги салоҳиятини янада ошириш, олиб борилаётган ислоҳотлар ва замон талабига тўлиқ жавоб берадиган ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, стандартлаш ҳамда агробизнес йўналишида консалтинг, маркетинг хизматларини ривожлантириш ва илмий тадқиқотларга асосланган интенсив агросаноат тизимини ташкил қилиш, озиқ-овқат саноатини янада ривожлантириш, соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва аграр соҳага замонавий технологияларни жорий қилиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўзстандарт” агентлиги ва “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХК томонидан Ўзбекистон Республикасида 2019-2021 йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатини янада ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқилган:

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий турларини қайта ишлаш ва экспорт қилишнинг прогноз кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ;

хорижий кредит линиялари ҳисобидан йирик агрологистика комплексларини ташкил этиш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси2-иловага мувофиқ;

замонавий агрологистика марказларини ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар режаси 3-иловага мувофиқ;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича инвестиция лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар режаси 4-иловага мувофиқ;

импорт ўрнини босувчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар режаси 5-иловага мувофиқ;

мева-сабзавотчиликка ихтисослашган туманлардаги самарасиз боғлар ўрнида интенсив боғлар ташкил этишнинг мақсадли параметрлари 6-иловага мувофиқ;

республика ҳамда ҳудудий синов ва сертификатлаштириш марказлари ҳузуридаги синов лабораторияларини модернизация қилиш бўйича чора-тадбирлар режаси 7-иловага мувофиқ;

қабул қилинадиган озиқ-овқат саноати соҳасидаги халқаро стандартлар рўйхати 8-иловага мувофиқ;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича “Йўл харитаси” (бундан буён – “Йўл харитаси”) 9-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги,Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ ва “Асака” АТБ ҳамда бошқа тижорат банклари билан биргаликда жалб этилаётган қуйидаги манбалар ҳисобидан:

а) мазкур қарорнинг 2-5-иловаларига мувофиқ амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари ва чора-тадбирларга тегишлилиги бўйича:

Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари қўшма инвестиция компанияси маблағлари;

Жаҳон банкининг қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва рақобатбардошликни ошириш учун 200,0 миллион АҚШ доллари ҳамда қишлоқ хўжалигида тадбиркорликни ривожлантириш учун200,0 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағлари;

Осиё тараққиёт банкининг йирик замонавий агрологистика комплексларини ташкил этиш учун 347,0 миллион АҚШ доллари ва чорвачиликни ривожлантириш учун 150,0 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағлари;

Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг мева-сабзавотчиликни ривожлантириш учун 200,0 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағлари;

Франция ривожланиш агентлигининг чорвачиликни ривожлантириш учун 170,0 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағлари;

Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш жамғармасининг қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш учун46,6 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағлари;

б) мазкур қарорнинг 7-иловасида назарда тутилган синов лабораторияларини модернизация қилишга Жаҳон банкининг 6,2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағларининг йўналтирилишини таъминласин.

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Осиё тараққиёт банки иштирокида “Мева-сабзавотчилик тармоғида қўшилган қиймат занжири инфратузилмасини ривожлантириш”лойиҳасини амалга ошириш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи қарор қабул қилсин:

лойиҳанинг умумий қиймати 244,75 миллион АҚШ доллари, шу жумладан, Осиё тараққиёт банкининг қарз маблағлари 197,0 миллион АҚШ доллари, Ўзбекистон Республикасининг улуши солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш, инвестиция даврида молиявий харажатларни тўлаш ва бошқа сарф-харажатларни инвестиция даврида молиялаштириш эвазига жами 47,75 миллионАҚШ доллари эквивалентини ташкил этиши;

Қишлоқ хўжалиги вазирлигини лойиҳанинг буюртмачиси ҳамда Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлигини эса унинг ижро этувчи органи этиб белгилаш;

Осиё тараққиёт банки билан имзоланган қарз битими ва лойиҳанинг техник-иқтисодий асосланишига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқини бериш ҳамда лойиҳанинг амалга оширилишини тезлаштириш.

4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси билан Осиё тараққиёт банки ўртасида имзоланадиган молиялаштириш тўғрисидаги қарз битими юзасидан белгиланган тартибда юридик хулоса берсин.

5. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашни ривожлантириш бўйича ишчи гуруҳи (бундан буён – Ишчи гуруҳ) 10-иловага мувофиқ таркибда тузилсин ва унга мазкур қарорнинг 2-9-иловаларида назарда тутилган инвестиция лойиҳалари ва тадбирларни амалга оширишни ташкил этиш, лойиҳа ташаббускорлари билан бирма-бир учрашиб, лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида юзага келган муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш ҳамда уларнинг муддатида ва сифатли амалга оширилишини мониторинг қилишвазифаси юклатилсин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари мазкур қарор иловаларига мувофиқ амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари учун зарур ер майдонлари ва бўш бинолар ажратилишини ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш масалаларини ҳал этсин.

Ишчи гуруҳи (Б.Ходжаев) мазкур қарор ижросининг бориши юзасидан ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб борсин.

6. Белгилаб қўйилсинки:

а) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари секторида юқори қўшилган қиймат занжирини яратишни рағбатлантириш мақсадида экинларни жойлаштириш ва қайта ишлашнинг самарали инфратузилмасини яратиш;

маҳсулотларни йиғиш, ташиш, сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш, ички ва ташқи бозорга етказиб бериш борасида хизмат кўрсатувчи замонавий агрологистика комплекслари ва марказлари тизимини шакллантириш;

агрологистика комплекслари ва марказларини жойлаштириш, қуриш, уларни бошқариш бўйича компанияларни ташкил этиш;

хусусий секторни кенг жалб қилган ҳолда агрологистика комплекслари ва марказларида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини халқаро талаблар асосида, сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича тўлиқ синовларни ўтказиш имкониятига эга бўлган лабораториялар, божхона терминаллари ва бошқа хизматларни йўлга қўйиш;

кооперация иштирокчилари, деҳқон ва фермер хўжаликлари, агрокластерлар ва қишлоқ хўжалиги бирлашмаларини яратилаётган агрологистика комплекслари ва марказлари фаолиятига кенг жалб қилган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва экспорт ҳажмларини ошириш бўйича манфаатдор вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

б) Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги:

1-иловага мувофиқ тасдиқланган прогноз кўрсаткичларига эришиш учун амалга оширилаётган ишларни;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда “Йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирларнинг муддатида ва сифатли бажарилишини мувофиқлаштириб боради;

в) “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХК:

мазкур қарорнинг 5-иловасида назарда тутилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан чоралар кўради;

импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш бўйича ишларни тизимли ташкил этади.

7. 2019 йил 1 августдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) қишлоқ хўжалиги маҳсулотини экспорт қилувчиларнинг маҳсулотни сертификатлаштириш бўйича харажатлари“Ўзстандарт” агентлигининг асослантирилган ҳисоб-китобларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қопланади;

б) қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун жалб қилинадиган тижорат банкларининг кредитлари бўйича Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасимаблағлари ҳисобидан:

миллий валютада, қиймати 10 миллиард сўмдан ошмайдиган миқдордаги, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаштириш ставкасининг 1,5 бараваридан ошмайдиган фоиз ставкасида – қайта молиялаштириш ставкасидан ошадиган қисмига, бироқ 5 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда;

хорижий валютада, қиймати эквивалентда 10 миллиард сўмдан ошмайдиган миқдорда жалб қилинадиган кредитлар бўйича – тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 40 фоизи, аммо 4 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация берилади;

кредит суммасининг 50 фоизигача, бироқ 8 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда кафилликлар берилади;

в) мазкур қарорнинг 6-иловасига мувофиқ самарасиз боғлар ўрнида интенсив боғлар ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 мартдаги ПҚ-4246-сон “Ўзбекистон Республикасида боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори 7-бандининг “б” ва “в” кичик бандларида назарда тутилган давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари татбиқ этилади.

8. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси:

Самарқанд, Андижон, Тошкент, Фарғона, Жиззах ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда 2019 йил 1 октябрга қадар мазкур қарорнинг 2-иловасига мувофиқ ҳудудларда барпо қилинадиган йирик агрологистика комплекслари учун ер майдонларини ажратиш, агрологистика комплексларини муҳандислик, йўл ва транспорт инфратузилмаларига уланишини таъминлаш юзасидан аниқ чора-тадбирларни амалга оширсин;

Бухоро ва Хоразм вилояти ҳокимликлари билан биргаликда 2019 йил 1 декабрга қадар Бухоро ва Хоразм вилоятларида йирик агрологистика комплексларини барпо этиш учун халқаро молия институтлари ҳамда хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағларини жалб этиш чораларини назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан кооперация бирлашувини жорий қилиш бўйича Жиззах вилоятининг Ғаллаорол ва Зомин туманларида, Самарқанд вилоятининг Булунғур ва Ургут туманларида, Фарғона вилоятининг Олтиариқ ва Қува туманларида, Тошкент вилоятининг Қибрай ва Паркент туманларида ўтказилган тажриба-синовларнинг ижобий натижаларига кўра мазкур тажрибани республиканинг бошқа ҳудудларида оммалаштириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сотиш (сотиш бўйича хизмат кўрсатиш), таъминот, боғдорчилик, томорқа, чорвачилик хизматлари ва бошқа хизматлар кўрсатувчилар томонидан аъзолик бадаллари (пайларни) киритиш асосида ташкил қилинган қишлоқ хўжалиги бирлашмалари субъектлари сонини ошириш, уларга кенг имконият ва қўшимча қулайликлар яратиш мазкур соҳадаги устувор йўналишлар деб белгилансин.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва бошқа манфаатдор вазирлик, идоралар ва уюшмалар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида аҳоли, томорқа ер эгалари, деҳқон ва фермер хўжаликлари томонидан қишлоқ хўжалиги кооперация бирлашмаларини ташкил қилиш, кооперация асосида тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва юритишни кенг жорий қилиш чораларини кўрсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда:

2019 йил 1 октябрга қадар боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликларини қўшимча молиявий қўллаб-қувватлашнинг аниқ манбаларини кўзда тутган ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 мартдаги ПҚ-4239-сон “Мева-сабзавотчилик соҳасида қишлоқ хўжалиги кооперациясини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 5-бандида назарда тутилган қишлоқ хўжалиги бирлашмалари ва уларнинг аъзоларига давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларининг таъсирчанлигини таъминласин.

11. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:

2019 йил 1 сентябрга қадар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича халқаро стандартлар талабларига мувофиқлигини таъминлаш, халқаро бозорларда “ўзбек сифати” белгисини янада мустаҳкамлаш ва унга эътиборни кучайтириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;

давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларидан фойдаланган ҳолда қуриладиган агрологистика комплекслари ва марказларида замонавий сақлаш жойлари, шу жумладан, тез бузиладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини мақбул ва узоқ сақлашга мўлжалланган музлатиш омборлари ва термо-режим омборлари, транспорт парки, маҳсулотнинг рақобатбардошлиги ва экспорт салоҳиятини ошириш учун уларни миллий ва халқаро стандартларга мувофиқ калибрлаш, қадоқлаш ва маркировкалаш учун ускуналарнинг мавжудлиги, маҳсулот ва уни етиштириш агротехнологик жараёнларининг сифат кўрсаткичлари мувофиқлигини текшириш учун лаборатория мавжудлигига эътибор қаратсин.

12. “Ўзстандарт” агентлиги Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда:

мазкур қарорнинг 8-иловасида назарда тутилган ҳужжатларни асли ёзилган тилларда қабул қилиш;

халқаро стандартларни давлат тилига таржима қилиш орқали давлат фондига киритиш ишларини Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги маблағлари ҳисобидан молиялаштириш ва 2019-2021 йилларда тенг улушларда 4,5 миллиард сўм маблағ ажратиш;

2019-2021 йилларда ҳудудларда озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг халқаро талаблар асосида, сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича тўлиқ синовларни ўтказиш имкониятига эга бўлган лабораторияларни ташкил этиш чораларини кўрсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси:

2019 йил 1 ноябрга қадар Давлат активларини бошқариш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимликлари билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Навоий, Наманган ва Бухоро вилоятлари ҳудудий инспекцияларини бино билан таъминлаш ва замонавий халқаро лаборатория талабларига жавоб берадиган ускуналар билан жиҳозлаш;

марказий карантин лабораторияси ҳамда Сирдарё, Сурхондарё, Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари ҳудудий инспекцияларининг замонавий лаборатория биноларини қуриш ишларини 2020 йил 1 апрелга қадар якунлаш;

2020 йил 1 сентябрга қадар марказий карантин лабораториясини халқаро аккредитациядан ўтказиш;

2020 йил 1 ноябрга қадар марказий ва ҳудудий карантин инспекцияларини қўшимча 5 та сайёр (мобиль) лабораториялар билан таъминлаш чораларини кўрсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги ПҚ-3818-сон “Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига 2-иловадан “8418 69 000 9” ва “8415 81 001 0” позициялар чиқариб ташлансин.

15. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан ҳамкорликда 2019 йил 1 октябрга қадар“agroonline.uz” ахборот тизими негизида:

аҳоли хонадонлари, деҳқон ҳамда фермер хўжаликлари далаларида етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг турлари ва ҳажмлари бўйича электрон маълумотлар базасини;

тайёрлов корхоналари, сақловчи, қайта ишловчи, экспорт қилувчи ташкилотлар ва бошқа харидорларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини маҳсулот турлари ва ҳажмлари бўйича ягона электрон ахборот тизимини;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари, қишлоқ хўжалиги бирлашмалари ва улгуржи харидорлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамда шартномавий муносабатларни (контрактация) электрон тижорат шаклида ташкил этиш тизимини ишлаб чиқиб, жорий этилишини таъминласин.

16. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Р.А.Гулямов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                                                                                Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2019 йил 29 июль