Қурбон Ҳайитини нишонлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Муборак Қурбон ҳайитининг маънавий ҳаётимиздаги ўрни, моҳияти ва аҳамиятини, халқимизга хос бўлган меҳр-оқибат, шукроналик ва бағрикенглик рамзи еканини еътиборга олиб ҳамда миллий-диний қадриятларимизни асраш ва улуғлаш мақсадида:

  1. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2019-йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 11-август – якшанба кунига тўғри келиши ҳақида қабул қилган қарорини инобатга олиб, мамлакатимизда 2019-йил 11-август Қурбон ҳайити байрами сифатида кенг нишонлансин.
  2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда Қурбон ҳайитининг жойларда юқори савияда, халқимизнинг миллий ва диний анъаналарига мос равишда ўтиши учун тегишли тадбирларни амалга оширсин.
  3. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Қурбон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия етилсин.
  4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири A.Н.Aрипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси 
Президенти                                                          Ш. Мирзиёев
Тошкент шаҳри
ЎзА

Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ф а р м о н и

Аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини қатъий ошириб бориш, аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларни янада ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароитларни яратиш ҳамда республика фуқароларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш мақсадида:

  1. 2019 йилнинг 1 августидан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори 1,1 баравар оширилсин.
  2. 2019 йилнинг 1 августидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида энг кам:

иш ҳақи – ойига 223 000 сўм;

ёшга доир пенсиялар – ойига 436 150 сўм;

болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа – ойига 436 150 сўм;

зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига 267 650 сўм миқдорида белгилансин.

  1. Белгилансинки, 2019 йил 1 августдан бошлаб:

II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг ногиронлик пенсиялари энг кам миқдори ёшга доир энг кам пенсиянинг 50 фоизидан 75 фоизига оширилади;

II гуруҳ ногиронлиги бўлган ёлғиз шахслар – пенсионерларнинг пенсияларига устама миқдори энг кам иш ҳақининг 50 фоизидан 75 фоизига оширилади;

боқувчисини йўқотганлик нафақаси миқдори меҳнатга лаёқатсиз оила аъзолари сонига амалдаги фоизлар нисбати сақланган ҳолда ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдоридан келиб чиқиб белгиланади.

  1. 2019 йилнинг 1 августидан I гуруҳ ногиронлик нафақаси, шунингдек, 16 ёшдан катта болаликдан I гуруҳ ногиронлик нафақаси олувчиларга ҳар ойда энг кам иш ҳақининг 25 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий қилинсин.
  2. Молия вазирлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотлар ва муассасалар билан биргаликда бюджет муассасалари ва ташкилотларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорларининг мазкур Фармон қоидаларидан келиб чиққан ҳолда ўз вақтида қайта ҳисоблаб чиқилишини таъминласин.
  3. Бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва стипендияларнинг оширилиши билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳисобиданамалга оширилсин.

Иш берувчиларга иш ҳақи миқдорларини қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган ҳолда тўлашни таъминлаб, иш ҳақи миқдорларини энг кам иш ҳақига мувофиқ ошириш тавсия этилсин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 майдаги “Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ–5723-сон Фармонига мувофиқ 2019 йилнинг 1 сентябридан энг кам иш ҳақи миқдори ўрнига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори, базавий ҳисоблаш миқдори ва пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори киритилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
  2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 майдаги “Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ–5723-сон Фармони 1-бандида:

иккинчи хатбошидаги “577 170” рақами “634 880” рақами билан алмаштирилсин;

учинчи хатбошидаги “202 730” рақами “223 000” рақами билан алмаштирилсин;

тўртинчи хатбошидаги “202 730” рақами “223 000” рақами билан алмаштирилсин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 октябрдаги “Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги ПФ–5553-сон Фармони унинг 4 ва 8-бандлари истисно қилинган ҳолда 2019 йилнинг 1 августидан ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
  2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
  3. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Ариповзиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                                                                                 Ш. Мирзиёев

Тошкент шаҳри,
2019 йил 12 июль

ЎзА

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги қарор эълон қилинди

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги қарор эълон қилинди

Ўзбекистон Президентининг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги қарори эълон қилинди.

Қарор билан Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича республика комиссиясининг таркиби тасдиқланди.

Республика комиссияси бир ҳафта муддатда “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини ишлаб чиқади.

Ушбу дастурда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, шунингдек, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” давлат дастури, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Беш ижобий ташаббус” каби муҳим дастур ва режалар доирасида олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг маъно-мазмуни ва руҳи мужассам этилишига алоҳида эътибор қаратилади.

“Айниқса, охирги йилларда сиёсий-ижтимоий, иқтисодий муносабатларнинг мазмун-моҳияти, жамиятимиз қиёфаси бутунлай ўзгаргани, бу ижобий ўзгаришлар юртдошларимиз ҳаётида ўз ифодасини топаётгани, халқимизнинг турмуш даражасини, онгу тафаккури, билим ва маданиятини ошириш бўйича қилинган ишларни конкрет далил ва мисоллар, чуқур илмий таҳлиллар ва экспертлик баҳолари орқали мамлакатимиз ва халқаро жамоатчиликка етказиш муҳим аҳамиятга эгадир”, дейилади ҳужжатда.

Республика комиссияси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Мустақиллик байрамига бағишлаб аҳолининг кенг қатламлари ўртасида маърифий учрашувлар, очиқ мулоқот ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, долзарб мавзулар бўйича фикр алмашувлар, маданий тадбирларни самарали ўтказиш мақсадида таниқли олимлар, ижодкор зиёлилар ва санъаткорлардан иборат тарғибот гуруҳлари ташкил этилади ҳамда уларнинг аниқ режа асосида фаолият олиб бориши таъминланади.

Бу тадбирларни ташкил этишда мамлакатимизни модернизация қилиш, турли соҳа ва тармоқларни либераллаштириш борасида қўлга киритилган ютуқ ва натижалар бу йўлдаги дастлабки қадамлар эканини таъкидлаган ҳолда, баландпарвозлик, расмиятчилик ва юзакилик ҳолатларига йўл қўймасдан, холислик ва ҳаққонийлик тамойиллари асосида иш олиб боришга алоҳида эътибор қаратилиши белгиланган.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказиладиган байрам дастурларини тайёрлашга оммавий томошалар бўйича юксак маҳорат ва тажрибага эга бўлган сценарист ва режиссёрлар, ёзувчи ва шоирлар, композитор ва балетмейстерлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш ижрочилар, мақом ва бахшичилик санъати вакилларидан иборат ижодий гуруҳлар кенг жалб этилади.

Маданият вазирлиги Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси билан биргаликда юртимиз истиқлолини тараннум этадиган энг яхши қўшиқ ва мусиқа асарлари учун “Ягонасан, муқаддас Ватан!” республика танловининг якуний босқичини ўтказади.

Танлов ғолиблари ва совриндорлари Мустақиллик байрами арафасида эълон қилинади ва тақдирланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Маданият вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Ўзбекистон Бадиий академияси, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси ва бошқа тегишли ташкилотлар билан биргаликда “Энг улуғ, энг азиз”, “Ранглар жилосида – она диёр”, “Ватан учун яшайлик!” каби анъанавий кўрик-танловларни юқори даражада ўтказишни таъминлайди.

Ўтказиладиган байрам тадбирлари:

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда маҳаллий бюджетлар ҳамда ҳомийлик хайриялари ҳисобидан;

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда қопланиши белгилаб қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси
 
Президенти                                                          Ш. Мирзиёев
Тошкент шаҳри
8 июл 2019 йил
ЎзА