Сайловчиларга эслатма

Актив сайлов ҳуқуқи – Бу сайлаш ҳуқуқи бўлиб, ҳар бир фуқаронинг давлатни бошқаришда ўз вакилларини сайлаш билан иштирок этишини назарда тутади.

Сайлов тизими – Ўзбекистон Республикасида сайлов тизими деганда, кенг маънода Олий ҳокимият вакиллик органлари ҳамда маҳаллий вакиллик органларини шакллантириш тартиби тушунилади. Ўзбекистон Республикаси сайлов тизими мажоритар сайлов тизимига асосланган.

Сайлов ҳуқуқининг асосий принциплари – умумий сайлов ҳуқуқи принципи; тенг сайлов ҳуқуқи принципи; тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи принципи; яширин овоз бериш ҳуқуқи принципи.

Ёш цензи – Сайловлардаги ёш цензи фуқароларнинг сайловда иштирок этишлари учун муайян, қонунда белгиланган ёшга етишлари талаб этилишидир. Масалан: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод сифатида 25 ёш; Вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзод сифатида 21 ёш этиб белгиланган.

Сайлов маданияти – Сайлов маданияти деганда, сайловчиларнинг ўз сиёсий ҳуқуқларидан оқилона фойдаланиб, сайловларда фаол иштирок этиши, шунингдек уларнинг ҳамда сайлов ташкилотчиларининг сайловларни ўтказиш, унда қатнашиш ва овоз бериш чоғида амалдаги қонунларга, ўрнатилган тартибларга амал қилиши, сайлов қатнашчиларининг бир бирларини ҳурмат қилиши тушунилади.

Сайловчи. Сайлов кунига қадар ёки сайлов куни 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар. Сайловда иштирок этувчи ҳар бир фуқаро бир овозга эга бўлади. Сайловда сайловчилар ўзлари хоҳлаган номзодга, яъни эркин овоз берадилар. Сайловчиларнинг овоз бериши яширин тарзда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади.

Жорий йилда давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларда бешта сиёсий партия иштирок этади. 2019 йил январь ойида Ўзбекистон Экологик ҳаракати ўрнида, Ўзбекистон Экологик сиёсий партияси ташкил этилди.

Сайловчилар Қонунчилик палатаси сайлови бўйича 150 та сайлов округидан қўйилган номзодлар учун овоз беришади.

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати юритилади.

Сайловчилар сиёсий партиялар томонидан имзо йиғишда бир қанча партияларни ёқлаб имзо қўйиш имкониятга эга.

Сайловларда овоз бериш вақти 08:00 дан 20:00 гача этиб белгиланди.

Сайловчилар Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида сайловчиларнинг рўйхати тўғрисидаги ўзи учун керакли маълумотларни олиш имкониятига эга бўлади.

Овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида сайловчиларни участка сайлов комиссияси сайловдан камида 10 кун олдин хабардор қилади

Овоз бериш куни, вақти ва жойи тўғрисида (сайловдан камида 15 кун олдин), участка сайлов комиссиясининг аниқ манзили, телефон рақами, иш вақти, сайловчилар рўйхати ҳамда депутатликка номзодлар ҳақидаги маълумотлар билан танишиш учун сайловчилар участка сайлов комиссияси томонидан хабардор қилинади.

Сайловчилар учун эслатма давоми

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan